Александр Усик немис боксчисини техник нокаутга учратди (видео)

10 сентябрь, 14:43 475

Александр Усик немис боксчисини техник нокаутга учратди (видео)

Украиналик боксчи Александр Усик германиялик Марко Хукдан устун келди.

Берлинда ўтган жангда Усик рақибини 10-раундда техник нокаутга учратган. Шундай қилиб, 30 ёшли украиналик боксчи Бутунжаҳон бокс ташкилоти (WBO) версияси бўйича чемпионлик камарини муносиб ҳимоя қилди.

Мазкур жанг Бутунжаҳон бокс суперсериясининг биринчи чорак финал тўқнашуви бўлди ва Усик ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

Энди унинг кейинги рақиби 30 сентябрь куни бўладиган Майрис Бриедис (Латвия) ва Майк Перес (Куба) ўртасидаги жангдан сўнг маълум бўлади.

Чорак финалнинг қолган 2 жуфтлигида Дмитрий Кудряшов (Россия) ва Юниэр Дортикос (Куба) билан, Мурат Гассиев (Россия) эса Кшиштоф Володарчик (Польша) билан куч синашади.

Усик ҳисобида 13 профессионал жангда 13 ғалаба (11 нокаут) мавжуд. Хук фаолияти давомида 5 мағлубият ва 40 та ғалабага (27 нокаут) эришган.