Франция футбол федерацияси вакиллари юртимизга ташриф буюришади

136

Франция футбол федерацияси вакиллари юртимизга ташриф буюришади

Аввал хабар берилнанидек, шу йилнинг 23 январь куни Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси президенти ва Ўзбекистон футбол Ассоциацияси 1-вице-президенти Умид Аҳмаджонов Парижда Франция футбол федерацияси мутассаддилари билан учрашиб,юртимизда футболни янги босқичга олиб чиқиш бўйича ўзаро ҳамкорлик қилиш борасида келишувга эришганди.

Жумладан, Франция футбол федерацияси Президенти маҳкамаси бошлиғи Жаноб Кенни Жан Мари учрашув давомида болалар футболи бўйича франциялик мутахассисларни Ўзбекистонга олиб келиш, юртимиздаги ёш футболчиларни Франция жамоаларига жалб қилиш, Суперлигада иштирок этадиган жамоаларнинг савиясини ошириш, уларнинг иш фаолиятини Европа андозалари асосида йўлга қўйиш мақсадида клублар бош директорлари ва академиялар раҳбарларини Парижга малака ошириш ва тажриба ўрганишга юбориш масалалари муҳокама қилинганди.

Бундан ташқари, шу йилнинг апрель – май ойларида Франция футбол федерацияси вакиллари юртимизга ташриф буюриши кўзда тутилгани маълум қилинганди.

Ана ўша келишувга кўра шу йилнинг 14 март куни Франция футбол федерацияси вакиллари Жаноб Кенни Жан Мари ва Людовик Дебрю юртимизга ташриф буюришади. Бу ҳақда ЎФА расмий сайти хабар бермоқда

Улар Суперлига клубларининг маркетинг бўйича мутахассислари иштирокидаги семинарларида ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб, клубларимизнинг маркетинг бўйича фаолиятини самарали йўлга қўйишга ёрдам беришади. Шунингдек, болалар футболи мураббийлари ва селекционерлар иши билан яқиндан танишиб, уларга амалий маслаҳатлар бериши кўзда тутилган.