Вагиз Галиулин: Шунча йўл босиб еврокубокларда ўйнамаслик алам қиляпти...

1223

Вагиз Галиулин: Шунча йўл босиб еврокубокларда ўйнамаслик алам қиляпти...

Хабарингиз бор 9 май куни Россия кубоги финалида ҳамюртимиз Вагиз Галиулин тўп сурадиган “Тосно” клуби финалда қуйи дивизион вакили ҳисобланган Курскнинг  “Авангард” (2:1) жамоасини мағлуб этди ва бош совринни қўлга киритди.

Қизиғи шундаки, ленинградликлар регламент бўйича кубок соҳиби сифатида Европа лигасида иштирок этиш ҳуқуқига эгалар. Бироқ, Россия футбол иттифоқи жамоани УЕФА лицензиялаш талабларини бажармагани сабаб ушбу йўлланмадан махрум этилиши ҳақида эълон қилди. Шундан сўнг SPORTS.uz мухбири дархол Вагиз Галиулин билан алоқага чиқди ва бу борадаги фикрларини сўради.

- Авваламбор Россия кубогини қўлга киритганингиз билан сайтимиз номидан табриклаймиз. Буларнинг барчаси қандай содир бўлди?

- Табриклар учун катта раҳмат. Бу ғалабам ўзбек футболининг ҳам ғалабасидир. Кубок финалигача босиб ўтган йўлимиз жуда машаққатли кечди. Айниқса, “Спартак”ка қарши ярим финал баҳси жудаям оғир бўлган эди. Бироқ биз жамоадошларимиз билан бир бўлиб ҳеч нарсага аҳамият бермай фақат ғалаба ҳақида ўйладик ва якунда кўзлаган мақсадимизга эришдик.

- Эшитишимиз бўйича “Тосно” УЕФА лицензиялаш талабларини бажара олмагани сабаб ўзининг чўнтагидаги Европа лигаси йўлланмасидан махрум этилармиш....

- Тўғриси ҳозир бу борада нималар бўлаётганини ўзим ҳам тушунмаяпман. Жамоада муаммолар жуда кўп. Молиявий муаммолар, стадион ва ҳокозо...Шу сабабли ҳам “Тосно” УЕФА лицензиялашидан ўта олмаяпти. Менимча жамоа ушбу мусобақада қатнашмаса керак.

- Бу қадар узоқ ва машаққатли йўл босиб, халқаро майдонда ўйнаш имкониятини қўлга киритгандан сўнг унда иштирок этмаслик алам қилмайдими?

- Албатта, бу жуда аламли. Тўғриси аксарият ёш футболчиларимизда Европа лигасида ўйнаб, ўзини халқаро майдонда кўрсатиш орзуси бор эди. Минг афсуски бу нарсалар биз футболчиларга боғлиқ эмас. Барчасини раҳбарият ҳал қилади.

- Бу масалада ўзгариш бўлиши мумкинми?

- Балким. Бу борада яқин 2-3 кун ичида якуний қарор эълон қилинади.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ суҳбатлашди.