989

Барчамизга маълумки яна саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар Шимолий Америка қитъаси вакили ҳисобланган Коста-Рика терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Коста-Рика 1927 йил ФИФА аъзолигига қабул қилинган. 1961 йилдан буён эса КОНКАКАФ таркибида ҳисобланади. Ушбу юрт вакиллари ўзларининг илк учрашувларини 1921 йил 14 сентябрь куни Сальвадорга қарши ўтказишган ва йирик - 7:0 ҳисобида ғалаба қозонишган.

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Коста-Рика терма жамоасининг мундиаллардаги илк иштироки 1990 йил Италия яшил майдонларида ўтказилган мусобақага тўғри келади. Ўшанда улар “C” гуруҳида Бразилия, Шотландия ва Швеция терма жамоаларига қарши кураш олиб боришган. Шотландия (1:0) ва Швеция (2:1) термаларини мағлуб эта олган Коста-Рика гуруҳда фақатгина Бразилияга (1:0) ютқазиб қўйган. Шу тариқа гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритган коста-рикалик футболчилар мусобақанинг плей-офф босқичига йўл олишди. Бироқ, уларни бу босқичда Чехия терма жамоаси 4:1 ҳисобида тор-мор келтирди.

Шундан сўнг Коста-Рика кетма-кет 2та (1994, 1998) жаҳон чемпионати саралашидан ўта олмади. 2002 йилги Япония ва Жанубий Корея мезбонлигида ўтган навбатдаги жаҳон чемпионатида эса улар яна “С” гуруҳидан жой олишди. Гуруҳда эса яна Бразилияга тўқнаш келишди. “С” гуруҳида шунингдек Туркия ва Хитой терма жамоалари ҳам жой олишган эди. Дастлаб Хитой 2:0 ҳисобида таслим этилган бўлса, кейин Туркия билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этилди. Аммо, сўнгги турда Бразилия яна Коста-Рикани аяб ўтирмади. Якуний ҳисоб 5:2. Шу тариқа ҳисобида 4 очко бўлган коста-рикаликлар гуруҳда 3-ўринда қолиб кетишди ва мусобақани шу босқичда якунлашди.

Орадан тўрт йил ўтиб мундиалга Германия майдонлари мезбонлик қилди. Бу сафар улар “А” гуруҳида мезбон Германия, Эквадор ҳамда Польша терма жамоаларига қарши кураш олиб боришди. Гуруҳда барча рақибларига имкониятни бой берган Коста-Рика якунда 4-ўринда қолиб кетди.

Улар Жанубий Африка Республикасида ташкил этилган кейинги тўрт йилликнинг энг нуфузли мусобақасида иштирок эта олишмади. Коста-Рика ўз қитъаси саралашида муваффақиятсизликка учради.

Бироқ, 2014 йил Бразилияда ўтказилган навбатдаги жаҳон чемпионатида Коста-Рика ўз тарихидаги энг яхши натижани қайд этди. Дастлаб “D” гуруҳида Уругвай, Италия ва Англия терма жамоаларига қарши кураш олиб борган коста-рикалик футболчилар якунда 2та ғалаба ва 1та дуранг қайд этишди. Шу тариқа гуруҳда 1-ўрин билан плей-оффга йўлланмани қўлга киритишди. Нимчорак финалда уларга Греция терма жамоаси тўқнаш келди. Учрашувнинг асосий ва қўшимча таймлари 1:1 ҳисобида дуранг билан якунлангач, ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди. Унда эса омад коста-рикаликларга кулиб боқди. Чорак финалда улар Голландия билан ўйнашди. Бу сафар ҳам учрашув пенальтилар сериясига қадар етиб борди. Бироқ, бу гал омад Коста-Рикага кулиб боқмади ва улар ўз юришларини шу босқичда тўхтатишга мажбур бўлишди.

Қитъа биринчиликларидаги иштироки

Коста-Рика КОНКАКАФ минтақасида илк бор 1963 йилги мусобақада иштирок этган ва дебют иштирокнинг ўзидаёқ ғолибликни қўлга киритган. Шундан сўнг улар 1969 ва 1989 йилги мусобақаларда ҳам чемпионликни тантана қилишди.

1965, 1971, 1985, 1993 ва 2017 йилларда бронза медалларини қўлга киритишган. Фақатгина 2002 йилги чемпионатда улар финалда мағлуб бўлишган ва кумуш медалларга сазовор бўлишган.

Америка кубогида эса улар илк бор 1997 йил иштирок этишган. Дастлабки турнирда улар гуруҳ босқичида қолиб кетишди. Сўнгра кетма-кет икки марта (2001 ва 2004) 1/4 финалга қадар етиб боришни уддалашди. 2011 ва 2016 йилда ташкил этилган Америка кубогида эса Коста-Рика яна гуруҳда қолиб кетди.

Коста-Рика терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Энг йирик ғалабаси: 1946 йил 10 декабрь, Коста-Рика – Пуэрто-Рико 12:0.

Энг йирик мағлубияти: 1975 йил 17 август, Мексика – Коста-Рика 7:0.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Вальтер Сентено (137).

Энг яхши тўпурар: Роландо Фонсека (47).

ФИФА рейтингидаги энг юқори ўрни: 13-ўрин (2015).

ФИФА рейтингидаги энг паст ўрни: 93-ўрин (1996).

Бундан бир неча кун олдин Коста-Рика терма жамоаси бош мураббийи Оскар Рамирес ЖЧ-2018га борадиган 23 нафар футболчидан иборат якуний таркибни эълон қиди.

Дарвозабонлар: Кейлор Навас, Патрик Пембертон, Леонель Морейра;

Ҳимоячилар: Кристиан Гамбоа, Иэн Смит, Рональд Матаррита, Брайан Овьедо, Оскар Дуарте, Жанкарло Гонсалес, Франсиско Кальво, Кендалл Уостон, Жонни Акоста;

Ярим ҳимоячилар: Давид Гусман, Ельцин Техеда, Сельсо Борхес, Рэндалл Асофейфа, Родни Уоллас, Брайан Руис, Даниэль Колиндрес, Кристиан Боланьос;

Ҳужумчилар: Йохан Венегас, Хоэль Кэмпбелл, Маркос Уренья.

Эслатиб ўтамиз, Коста-Рика терма жамоаси мундиалнинг “E” гуруҳида Бразилия, Сербия ва Швейцария терма жамоаларига қарши кураш олиб боради. Улар ўзларининг илк учрашувини 17 июнь куни Сербия терма жамоасига қарши ўтказишади.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

Sports.uz 2018