1957

Барчамизга маълумки саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар мусобақа фаворитлари қаторида эътироф этилаётган Франция терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Франция футбол федерацияси 1904 йил ФИФА, 1954 йил эса УЕФА аъзолигига қабул қилинган. Қайд этиш лозимки, французлар юқоридаги икки ташкилотнинг яратилишида улкан ҳисса қўшишган. Улар ўзларининг илк учрашувларини 1904 йилнинг 1 май куни Брюсселда Бельгия терма жамоасига қарши ўтказишган. Ушбу ўйинда 3:3 ҳисобида жанговор дуранг қайд этилган.

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Франция 1930 йил Уругвайда ўтказилган илк жаҳон чемпионатида иштирок этган 13та терма жамоадан бир ҳисобланади. Бироқ, ўшанда ушбу юрт вакилларининг мундиалдаги дебютига гуруҳ босқичидаёқ якун ясалган. Орадан тўрт йил ўтиб Италия майдонларида ўтказилган мусобақада французлар чорак финалга қадар етиб боришди.

1938 йилги жаҳон чемпионатига Франциянинг ўзи мезбонлик қилди. Бу сафар майдон эгалари 1/4 финалга қадар етиб боришди. Шундан сўнг Франция 1950 йилги жаҳон чемпионати саралашида қолиб кетди ва Бразилия мундиалига бора олмади. 1954 йил Швейцария майдонларида ўтказилган мусобақада французлар гуруҳ босқичида қолиб кетишди.

Бироқ, орадан тўрт йил ўтиб 1958 йил Швецияда бўлиб ўтган мундиалда Франция терма жамоаси бронза медалларига эга чиқди. Аммо, саралашдан ўта олишмаган французлар Чилида бўлиб ўтган кейингги тўрт йилликнинг энг йирик мусобақасида иштирок этишмади. 1966 йил Англия мезбонлигидаги мусобақада Франция терма жамоаси яна гуруҳ босқичида тўхтатилди.

Шундан сўнг францияликлар 1970 (Мексика) ва 1974 (Германия) йиллардаги жаҳон чемпионатлари саралашидан ҳам ўта олимади. 1978 йил Аргентина гарчи мусобақада иштирок этган бўлсада, якунда гуруҳ босқичидан нарига ўта олишмади.

1986 йил жаҳон чемпионати ўйинларига Мексика мезбонлик қилди. Улар бу сафар гуруҳ босқичида Венгрия, Канада ва собиқ Иттифоқ терма жамоаларига қарши тўп суришди. Улар бу босқичда собиқ Иттифоқ (1:1) термаси билан дуранг ўйнашди, Канада (1:0) ва Венгрия га(3:0) қарши ўйинларда эса ғалаба қозонишди. Шу тариқа плей-оффга йўлланмани қўлга киритган франциялик футблчилар нимчорак финалда Италияга тўқнаш келишди ва якунда 2:0 ҳисобида ғалаба қозонишди. Улар чорак финалда Бразилия терма жамоасига рўбаро бўлишди. Муросасиз ўтган баҳснинг асосий ва қўшимча бўлимлари 1:1 ҳисобида дуранг билан якунлангач ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди. Унда омад Францияга кулиб боқди. Уларга ярим финалда Германия терма жамоаси тўқнаш келди. Айнан шу босқичда французларнинг эртагига якун ясалди – Германия – Франция 2:0. Мусобақанинг учинчи ўрни учун ўтказилган баҳсда улар Бельгияни 4:2 ҳисобида енгишди ва ўз тарихларида иккинчи бор бронза медалларини қўлга киритишди.

Шундан сўнг Франция терма жамоаси 1990 (Италия) ва 1994 (АҚШ) йилги мундиалларда саралашда ўта олмади. Орадан 60 йил ўтиб, аниқроғи 1998 йил жаҳон чемпионатига яна Франция мезбонлик қилди. Бу сафар улар “C” гуруҳида Дания, Жанубий Африка ва Саудия Арабистони терма жамоасига қарши кураш олиб боришди. Ушбу рақибларнинг барчасини мағлубиятга учратган майдон эгалари гуруҳда биринчи ўринни қўлга киритиб нимчорак финал иштирокчисига айланишди. Улар бу босқичда Парагвайни 1:0 ҳисобида таслим этишди. Чорак финалда Франция терма жамоаси Италияга қарши ўйнади. Муросасиз кечган баҳсда ғолиб пенальтилар сериясида аниқланди. Бу сафар ҳам футбол лоттореясида омад французларга кулиб боқди. Шу тариқа ярим финалга етиб келган майдон эгалари бу сафар Хорватия қаршилигига дуч келишди. Қизиқарли кечган ўйин 2:1 ҳисобида Франциянинг ғалабаси билан тугади. Улар ҳал қилувчи баҳсда анчайин номдор ва юлдузли таркибга эга Бразилия терма жамоасини 3:0 ҳисобида таслим этишди ва ўз мухлислари кўз ўнгида илк чемпионликни тантана қилишди.

2002 йил Жанубий Корея ва Японияда бўлиб ўтган мундиалга амалдаги чемпион сифатида ташриф буюрган Франция кутилмаганда гуруҳ босқичида қолиб кетди. Улар гуруҳда дастлаб Сенегалга 1:0 ҳисобида имкониятни бой беришди. Кейинги тур Уругвай билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этишди. Аммо, сўнгги турда яна мағлубиятга учрашди. Бу сафар Дания терма жамоаси Францияни таслим этди – 2:0. Шу тариқа ушбу юрт вакиллари бир очко билан гуруҳнинг сўнгги поғонасида қолиб кетишди.

Орадан тўрт йил ўтиб Германия мезбонлик қилган жаҳон чемпионатида Зинедин Зидан бошчилигидаги Франция термаси ўзининг такрорланмас ўйинларини намойиш қилди. Дастлаб “G” гуруҳида французлар Швейцария, Того ва Жанубий Корея терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришди. Ушбу ўйинларнинг иккитасида дуранг ва биттасида ғалаба қозонган Франция терма жамоаси 5 очко билан гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритиб, плей-оффга йўл олди. Бу босқичда уларга Испания терма жамоаси тўқнаш келди. Голларга бой кечган учрашувда Франция 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Чорак финалда эса улар бразилиялик футболчилар билан баҳс юритишди. Учрашув тақдирини 57-дақиқада Тьерри Анри томонидан киритилган ягона гол ҳал қилди. Франция – Бразилия 1:0. Ярим финалда Португалияни ҳам ҳудди шу ҳисобда доғда қолдирган Франция мусобақанинг ҳал қилувчи учрашувида Италияга қарши майдонга тушадиган бўлди. Ушбу финал жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг драматик финаллардан бири сифатида эсда қолди. Ҳал қилаувчи ўйинда францияликлар етакчиси Зинедин Зидан ҳакам томонидан майдондан четлатилди. Бир киши кам бўлиб ўйнаган французлар учрашувни пенальтилар сериясига қадар олиб боришди. Аммо, шу куни омад уларни тарк этган эди. Пенальтилар сериясида мағлуб бўлган Франция ўз тарихида иккинчи бор мундиал ғолиблигини кўлга кирита олмади.

2010 йил Жанубий Африка яшил майдонларида бўлиб ўтган навбатдаги жаҳон чемпионати Франция терма жамоаси учун жудаям омадсиз кечди. Улар “A” гуруҳида Уругвай, Мексика ва мезбон Жанубий Африка терма жамоаларига қарши баҳс олиб боришди. Дастлабки турда Уругвай билан 0:0 ҳисобида дуранг қайд этган францияликлар, гуруҳнинг қолган икки учрашувида Мексика (2:0) ва Жанубий Африкага (1:2) имкониятни бой бериб қўйишди. Шу тариқа улар гуруҳда сўнгги ўринда қолиб кетишди.

2014 йил Бразилияда ўтказилган жаҳон чемпионатида эса Франция нисбатан яхшироқ натижа қайд этди. Улар дастлаб мусобақанинг “E” гуруҳида Швейцария, Эквадор ва Гондурасга қарши баҳс юритишди. Дастабки икки турда Гондурас (3:0) ва Швейцария (5:2) мағлуб этилди. Сўнгги турда эса Эквадор билан 0:0 ҳисобида дурангга имзо чеккан французлар ўз гуруҳида биринчи ўрин билан плей-оффга йўлланмани қўлга киритишди. Бу босқичда уларга Нигерия терма жамоаси рўбаро бўлди. Африкаликлар номдор рақибларига 2:0 ҳисобида имкониятни бой беришди. Чорак финалда Франция терма жамоаси бўлажак чемпион – Германияга қарши баҳс юритди. Муросасиз кечган учрашув тақдирини германияликлар ҳимоячиси Матс Хуммельснинг киритган ягона голи ҳал қилди. Шу тариқа Франция ўзининг ЖЧ-2014даги юришини тўхтатди.

Қитъа биринчилигидаги натижалари

Франция терма жамоаси Европа чемпионатида илк марта 1960 йил иштирок этди. Ўшанда мусобақа Францияда бўлиб ўтганини қайд этиш лозим. Улар ўз дебютларидаёқ чемпионатнинг ярим финалига қадар етиб кела олишди. Шундан сўнг улар кетма-кет 5та қитъа биринчилигида саралашда ўта олишмади.

1984 йил Европа чемпионатига яна Франция мезбонлик қилди. Ўз гуруҳларида биринчи ўринни қўлга киритган францияликлар ярим финалда Португалияни 3:2 ҳисобида мағлубиятга учратишиб, финал йўлланмасини қўлга киритишди. Ҳал қилувчи баҳсда майдон эгаларига Испания рақиблик қилди. Ўз мухлислари қўллаб-қувватлашлари натижасида испанлар ҳам 2:0 ҳисобида таслим этилди. Шу тариқа Франция ўз тарихида илк марта қитъа чемпионлигини тантана қилди.

Орадан тўрт йил ўтиб Германия мезбонлигида ўтган мусобақада французлар иштирок этишмади. Боиси, ушбу юрт вакиллари саралаш босқичида ўта олишмади. 1992 йил (Швеция) гуруҳ босқичида қолиб кетган Франция 1996 йил Англияда ўтказилган мусобақада ярм финалга қадар етиб келди.

2000 йилги қитъа биринчилиги Бельгия ва Голландия майдонларида бўлиб ўтди. Ўз гуруҳида иккинчи ўрин билан чорак финалга йўл олган французларни кейин тўхтатиб бўлмади. Дастлаб ушбу босқичда Испания (2:1) тиз чўктирилди, кейин эса Португалия (2:1) доғда қолдирилди. Шу тариқа финалга етиб келган Франция Италияга қарши саф тортди. Муросасиз кечган ушбу ўйинда ҳам 2:1 ҳисобида франциялик футболчиларнинг қўли баланд келди ва улар ўз тарихларида иккинчи бор ушбу мусобақада ғолибликни қўлга киритишди.

Шундан сўнг улар 2004 ва 2012 йиллардаги Европа чемпионатида чорак финалга қадар етиб келишди. 2008 йил эса улар хатто гуруҳдан ҳам чиқа олишмади.

2016 йил қитъа биринчилиги яна Францияда ўтказилди. Мезбонлар “А” гуруҳида Швейцария, Албания ва Руминияга қарши кураш олиб боришди. Ушбу ўйинларда иккита ғалаба ва битта дуранг қайд этган францияликлар етти очко билан ўз гуруҳларида биринчи ўринни қўлга киритишди. Нимчорак финалда улар Ирландияни 2:1 ҳисобида таслим этишган бўлишса, чорак финалда Исландия 5:2 ҳисобида доғда қолдирилди. Шу тариқа ярим финалга қадар етиб келган майдон эгалари бу босқичда амалдаги жаҳон чемпионларини 2:0 ҳисобида мағлуб этишни уддалашди. Аммо, ҳал қилувчи финал учрашувида Франция кутилмаганда Португалияга 1:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди ва кумуш медаллари билан кифояланди.

Франция терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Энг йирик ғалабаси: 1995 йил 6 сентябрь, Франция – Озарбайжон 10:0.

Энг йирик мағлубият: 1908 йил 22 октябрь, Дания – Франция 17:1.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Лилиан Тюрам (142).

Энг яхши тўпурар: Тьерри Анри (51).

ФИФА рейтингидаги энг юқори ўрни: 1-ўрин (2001-2002).

ФИФА рейтингидаги энг паст ўрни: 27-ўрин (2010).

Бундан бир неча кун олдин Франция терма жамоаси бош мураббийи Дидье Дешам ЖЧ-2018 учун 23 нафар футболчидан иборат таркибни эълон қилди. Унга кўра қуйидаги футболчилар Россия мундиалида Франция шарафини ҳимоя қилишади:

Дарвозабонлар: Альфонс Ареола («ПСЖ»), Уго Льорис («Тоттенхэм», Англия), Стив Манданда («Марсель»);

Ҳимоячилар: Лукас Эрнандес («Атлетико», Испания), Преснел Кимпембе («ПСЖ»), Бенжамен Менди («Манчестер Сити», Англия), Жибриль Сидибе («Монако»), Адиль Рами («Марсель»), Бенжамен Павар («Штутгарт», Германия), Самюэль Юмтити («Барселона», Испания), Рафаэль Варан («Реал», Испания);

Ярим ҳимоячилар: Блез Матюиди («Ювентус», Италия), Поль Погба («Манчестер Юнайтед», Англия), Н’Голо Канте («Челси», Англия), Корентен Толиссо («Бавария», Германия), Стивен Н’Зонзи («Севилья», Испания), Набиль Фекир («Лион»), Флориан Товен («Марсель»);

Ҳужумчилар: Оливье Жиру («Челси», Англия), Антуан Гризманн («Атлетико», Испания), Усмон Дембеле («Барселона», Испания), Тома Лемар («Монако»), Килиан Мбаппе («ПСЖ»).

Эслатиб ўтамиз, Франция терма жамоаси мусобақанинг “С” гуруҳида Австралия, Дания ва Перу терма жамоаларига қарши кураш олиб боради.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

Sports.uz 2018