1133

Барчамизга маълумки саноқли кунлардан сўнг Россия яшил майдонларида футбол бўйича XXI жаҳон чемпионати старт олади. Сайёрамизнинг энг йирик мусобақаси олдидан SPORTS.uz сайти сиз азиз мухлисларни мундиалда иштирок этувчи терма жамоалар билан таништиришда давом этади. Бу сафар гарчи ўзи алоҳида қитъа бўлсада, жаҳон чемпионатларида Осиё қитъаси шарафини ҳимоя қилувчи Австралия терма жамоаси ҳақида фикр юритамиз.

Қитъа-мамлакат ҳисобланган Австралияга футболнинг кириб келганига деярли бир аср тўлмоқда. Дунё футболида соккерузлар деб аталадиган юрт футболчилари ўзларининг илк учрашувини 1922 йилнинг 17 июнида қўшни Янги Зеландия терма жамоасига қарши ўтказишган. Голларга бой кечган илк ўйин 3:1 ҳисобида Австралиянинг мағлубияти билан якунланган.

Жаҳон чемпионатларидаги иштироки

Австралия терма жамоасининг мундиаллардаги илк иштироки 1974 йил Ғарбий Германияда бўлиб ўтган  жаҳон чемпионатига тўғри келади. Ўшанда уларга гуруҳ босқичида икки Германия термасида ташқари Чили ҳам рақиблик қилган. Улар дастлабки икки турда немисларнинг иккала жамоасига ҳам имкониятни бой беришган бўлишса, сўнгги турда Чили билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнашди. Шу тариқа гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаган кенгурулар юрти вакиллари жаҳон чемпионатидаги иштирокларини тўхтатишди.

Шундан сўнг саралашлардан ўта олмаган Австралия терма жамоаси то 2006 йилга қадар мундиал орзуси билан яшади. Қизиғи, уларнинг жаҳон чемпионатларидаги иккинчи иштирокига ҳам Германия майдонлари мезбонлик қилди. Улар “F” гуруҳида Бразилия, Хорватия ва Япония терма жамоаларига қарши кураш олиб боришди. Дастлаб Япония 3:1 ҳисобида доғда қолдирилди. Аммо, иккинчи турда соккерузлар бразилиялик чарм тўп усталарига 2:0 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйишди. Сўнгги турда Хорватия билан 2:2 ҳисобида дуранг қайд этган Австралия якунда гуруҳда иккинчи ўринни қўлга киритди ва плей-оффга йўл олди. Бироқ, бу босқичда улар бўлажак чемпион – Италияга дуч келишди ва 1:0 ҳисобида имкониятни бой беришди. Шу тариқа уларнинг мундиалдаги иккинчи иштироки ҳам ўз якунига етди.

Орадан тўрт йил ўтиб сайёрамизнинг энг йирик спорт мусобақасига Жанубий Африка мамлакати мезбонлик қилди. Соккерузлар бу сафар “D” гуруҳида Германия, Гана ва Сербия терма жамоаларига қарши ўйнашди. Улар илк баҳсда Германияга қарши майдонга тушишди ва кутилмаганда ўз дарвозаларидан жавобсиз 4та тўп ўтказиб, мағлуб бўлишди. Улар кейинги икки турда дастлаб Гана билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этишди, кейин эса Сербия термаси 2:1 ҳисобида доғда қолдирилди. Якунда ганаликлар билан бир хил – 4 очко тўпалаган австралияликлар тўплар нисбатига кўра гуруҳда учинчи ўринда қолиб кетишди ва мусобақани шу босқичнинг ўзида якунлашди.

2014 йил жаҳон чемпионати Бразилияда ўтказилди. Ушбу мундиалда соккерузлар Голландия, Испания ва Чили терма жамоалари билан бирга “ўлим гуруҳи” деб айтилган “B” гуруҳидан жой олишди. Якунда ҳам бу эътироф ўз тасдиғини топди. Гуруҳдаги барча рақибларига имкониятни бой берган Австралия бирорта ҳам очко ола билмай мусобақа билан хайрлашди.

ЖЧ-2018 саралаши Осиё минтақаси сўнгги раундида Австралия гуруҳда Япония ва Саудия Арабистонидан сўнг 3-ўринни эгаллади. Регламентга кўра учинчи ўринни қўлга киритган терма жамоа мундиалга бориши учун нариги гуруҳнинг учинчи ўринни қўлга киритган термаси билан ўтиш ўйинида ғолиб чиқиши ва ундан сўнг Шимолий Америка қитъаси вакили билан ҳам ҳудди шундай икки ўйиндан иборат учрашувда ғалаба қозониши лозим эди. Соккерузлар дастлаб Сурия терма жамоасини икки ўйин натижасига кўра 3:2 ҳисобида таслим этишган бўлишса, кейинроқ Шимолий Америка вакили Гондурас 3:1 ҳисобида доғда қолдирилди. Шу тариқа Австралия кетма-кет 4-марта жаҳон чемпионатида иштирок этиш йўлланмасини қўлга киритди.

Қитъа биринчиликларидаги натижалари

Австралия 2006 йилга қадар Океания минтақаси аъзоси ҳисобланган ва ушбу давр мобайнида тўрт карра Океания чемпиони ва икки карра вице-чемпионликни қўлга киритган.

Шундан сўнг 2006 йил яшил қитъа футбол мутасаддилари ФИФАга ўзларини Осиё футбол конфедерация аъзолигига қўшишини сўраб мурожаат қилишган. Шундан буён улар Осиё минтақасида тўп суриб келишмоқда.

Австралия терма жамоасининг Осиё чемпионатларидаги илк иштироки 2007 йилга тўғри келади. Ўшанда қитъа биринчилигига Индонезия, Малайзия, Таиланд ва Виетнам мезбонлик қилган эди. Соккерузлар мусобақанинг “А” гуруҳидан жой олишди. Ушбу гуруҳда улардан ташқари шунингдек Ироқ, Таиланд ва Уммон терма жамоалари ҳам бор эди. Битта ғалаба ва битта дуранг қайд этган Австралия гуруҳда 2-ўринни қўлга киритди ва чорак финалга йўлланмани қўлга киритди. Улар бу босқичда Осиёнинг энг кучли терма жамоаларидан бири ҳисобланган Японияга тўқнаш келишди. Учрашувнинг асосий бўлими 1:1 ҳисобида якунлангач, ғолиб номи пенальтилар сериясида аниқланди. Унда эса омад японларга кулиб боқди. Соккерузларинг Осиё чемпионатидаги дебюти шу тариқа якунига етди.

2011 йил Осиё чемпионати Қатар мамлакатида ўтказилди. Бу сафар минтақа футболига анча мослашиб олган Австралия ўзининг нималарга қодир эканини кўрсатиб қўйди. Бу сафар улар “C” гуруҳида Жанубий Корея, Баҳрайн ва Хиндистон терма жамоаларига қарши кураш олиб боришди. Гуруҳда биринчи ўрин билан чорак финалга йўл олган австралияликлар Ироқни 2:1 ҳисобида доғда қолдиришди. Ярим финалда эса Ўзбекистон терма жамоаси дарвозаси жавобсиз олти бор ишғол этилди – 0:6. Ҳал қилувчи финал учрашувида эса яна Япония тўқнаш келди ва бу сафар ҳам Австралиянинг Осиё вакилига кучи етмади – 1:0.

2015 йил ушбу мусобақага Австралиянинг ўз мезбонлик қилди. Ўз майдонингда деворлар ҳам ёрдам беради деганларидек бу сафар Австралия барча рақибларини ер тишлатди ва бош совринни қўлга киритди. Дастлаб Жанубий Корея, Уммон ва Қувайт терма жамоаларига қарши баҳсларда иштирок этиб, гуруҳда иккинчи ўрин билан чорак финалга йўлланмани қўлга киритган соккерузлар бу босқичда Хитойдан 2:0 ҳисобида устун келишди. Ярим финалда эса Бирлашган Араб Амирликлари термаси ҳудди шу ҳисобда доғда қолдирилди. Ҳал қилувчи баҳсда эса Жанубий Корея 2:1 ҳисобида мағлуб этилди. Шу тариқа Австралия Осиёни ниҳоят забт этди.

Австралия терма жамоаси ҳақида қизиқарли фактлар

Энг йирик ғалабаси: 2001 йил 11 апрель, Австралия – Америка Самоаси 31:0 (жаҳон рекорди).

Энг йирик мағлубияти: 1955 йил 17 сентябрь, Австралия – ЖАР 0:8.

Энг кўп ўйин ўтказган футболчи: Марк Шварцер (109).

Энг яхши тўпурар: Тим Кэхилл (50).

ФИФА рейтингидаги энг юқори ўрни: 14-ўрин (2009).

ФИФА рейтингидаги энг паст ўрни: 102-ўрин (2014).

Айни дамда кенгурулар юрти терма жамоасига устозлик қилаётган голландиялик машхур мутахассис Берт Ван Марвейк бундан бир неча кун олдин ЖЧ-2018 учун терма жамоанинг кенгайтирилган таркибини эълон қилди.

Дарвозабонлар: Мэт Райан (Брайтон, Англия), Дэнни Вукович (Генк, Бельгия), Брэд Жонс (Фейеноорд, Голландия).

Ҳимоячилар: Азиз Бехич (Бурсаспор, Туркия), Милош Дегенек (Иокогама, Япония), Мэттью Юрман (Сувон, Корея), Жеймс Мередит (Миллуолл, Англия), Жош Рисдон (Вестерн Сидней), Трент Сэйнсбери (Грассхоппер, Швейцария), Фран Карачич (Локомотива, Хорватия).

Ярим ҳимоячилар: Жош Бриллант (Сидней), Миле Единак (Астон Вилла, Англия), Жэксон Ирвайн (Халл Сити, Англия), Робби Крус (Бохум, Германия), Массимо Луонго (КПР, Англия), Марк Миллиган (Ал-Ахли, Саудия Арабистони), Аарон Муй (Хаддерсфилд, Англия), Томми Рогич (Селтик, Шотландия), Жеймс Троиси (Мельбурн Виктори).

Ҳужумчилар: Тим Кэйхилл (Миллуолл, Англия), Томи Юрич (Люцерн, Швейцария), Мэтью Леки (Герта, Германия), Эндрю Наббут (Урава, Япония), Никита Рукавица (Маккаби Хф, Исроил), Димитри Петратос (Ньюкасл Жетс), Дэниел Арзани (Мельбурн Сити).

Эслатиб ўтамиз, Австралия мусобақанинг “С” гуруҳида Франция, Дания ва Перу терма жамоаларига қарши кураш олиб боради.

Бахтиёр ТОШТЕМИРОВ тайёрлади.

Sports.uz 2018