“Боруссия Дортмунд” тарихидаги энг яхши 5 тўпурар

757

“Боруссия Дортмунд” тарихидаги энг яхши 5 тўпурар

Кеча Дортмунднинг “Боруссия” жамоаси Бундеслиганинг 23-турида “Байер”ни йирик – 6:2 ҳисобида мағлуб этди. Эътиборлиси, дортмундликларнинг габонлик ҳужумчиси Пьер-Эмерик Обамеянг мазкур баҳсда икки бор рақиб дарвозасини ишғол этишга муваффақ бўлди ва унинг “Боруссия” либосида киритган голлари сони 105 тани ташкил этган холда, клуб тарихидаги энг яхши тўпурарлар орасида 5-ўринга кўтарилиб олди. Шу муносабати билан эса биз бугун “Боруссия” тарихидаги энг яхши 5 тўпурар билан таништиришни мақсад этдик.

5. Пьер-Эмерик Обамеянг – 105 та гол

2013 йилда “сариқ-қоралар” сафига келиб қўшилган Обамеянг жамоага келганидан буён йилдан-йилга кўп гол киритиб бормоқда. Дастлабки мавсум 16, сўнгги икки мавсумда эса 25 ва 39 тадан гол киритишга эришган габонлик ҳужумчи бу мавсум ҳам чакки ўйин намойиш этаётгани йўқ – 25 та гол. Агарда, 27 ёшли футболчи Дортмунддан кетишга шошилмаса, бу борада янада юқорироққа кўтарилиши аниқ.

4. Лоттар Эммерих – 122

1966 йилги мундиал финалчиси бўлган Эммерих 9 йиллик Дортмунддаги фаолияти давомида КEК хамда Германия кубогини қўлга киритишга муваффақ бўлган. Гарчи, унга Бундеслигада ғолиб чиқиш насиб этмаган бўлсада, икки бор Германия чемпионатида тўпурар бўлади. Умуман олганда эса марҳум футболчи ва мураббий “Боруссия” рақиблари дарвозасини 122 бор ишғол этишга эришган.

3. Стефан Шапюиза – 124

90 йилларда Дортмунднинг бош тўпурари бўлган Шапюиза жамоа сафида икки бор Бундеслигада ва бир бор ЕЧЛда ғолиб бўлади. Бундан ташқари эса бир мартадан Германия суперкубоги ва Қитъалараро кубокни қўлга киритган Стефан клуб сафида 284 та ўйинда майдонга тушиб, 124 бор рақиблар дарвозасини ишғол этган.

2. Манфред Бургсмюллер – 158

1976-1983 йилларда “Боруссия” сафида тўп сурган Манфред жамоа сафида 251 баҳсда майдонга тушган бўлиб, 158 та гол киритишга эришган. Аммо шундай сермаҳсул ўйин намойиш этган Бургсмюллер дортмундликлар билан бирорта совринни қўлга кирита олмаган.

1. Михаэль Цорк – 159

Бутун фаолиятини “Боруссия”га бағишлаган Цорк жамоа сафида 1981-1999 йилларда фаолият юриган. Умуман олганда Дормундда таваллуд топган Цорк мазкур шаҳарнинг бош жамоасида 572 та баҳсда майдонг тушган бўлиб, рақиблар дарвозасини 159 бор ишғол этишга эришган.

Шаҳзод Холбoев тайёрлади

Ўхшаш хабарлар