Бахтиёр Намозовнинг ўрнини ким босади? Ёхуд ҳакамликни эрта якунлаган комиссар!

1907

Бахтиёр Намозовнинг ўрнини ким босади? Ёхуд ҳакамликни эрта якунлаган комиссар!

Ўзбек ҳакамлик мактабида Равшан Эрматов каби халқаро миқёсида ҳурмат-эътибор қозонган Бахтиёр Намозовни футбол мухлислари жуда яхши билишади. Аввалига футболчи сифатида майдонда тўп сурган Намозов кейинчалик ўзини ҳакамлик соҳасига бағишлашга қарор қилди. Натижада олий лига баҳсларида бош ҳакам сифатида гавдаланди. Кейин эса Намозов пляж футболида пайдо бўлди. Айтиш мумкинки, айнан пляж футболида у бир мунча муваффақиятларга эришди. Бир неча бор жаҳон чемпионатларида иштирок этди. Айниқса, ўтган йили ўтказилган мундиалда ишлади ва финал учрашувини бошқарган илк осиёлик ҳакам сифатида тарихдан жой олди. Ўзбекистонлик ушбу ҳакамга ФИФА ва ОФКнинг ҳам ишончи катта эди. Аммо Бахтиёр Намозов ҳакам сифатида кўринмай қолди. Эндиликда у Ўзбекистон футбол ассоциациясида ҳакамлар бошқармасида фаолият кўрсатиб келмоқда ва Суперлига ўйинларида комиссар сифатида ишламоқда.

“Ҳакамликни давом эттирсам ногирон бўлиб қолишим мумкин эди”

Бахтиёр Намозовнинг нима учун ҳакамликдаги фаолиятини якунлагани ишқибозларни қизиқтириб келаётганди. Бу масала бўйича унинг ўзи вазиятни шундай тушунтирди. 

- Ўтган йили пляж футболи бўйича ўтказилган жаҳон чемпионатида қатнашдим. Ўша мусобақадан олдин жароҳат олгандим. Натижада жаҳон чемпионати пайтида нормативларни зўрға топширдим. Тан оламан, ўйинларда ҳам қийинчилик билан ҳакамлик қилгандим. Бир амаллаб мундиални ўтказиб олдим. Аммо жароҳатим борган сари зўриқиб бораверди. Хорижлик шифокорларга кўрсатганимда фаолиятимни тугатишим кераклигини айтишди. Агар яна ҳакамлик қилишда давом этаверсам, у ҳолда кейинчалик ногирон бўлиб қолишимни таъкидлади. Бу гапдан кейин ўйланиб қолдим. Кейин эса менга Ўзбекистон футбол ассоциациясидан таклиф бўлди ва энди шу ерда ишлаяпман. Бу ерда ҳакамлар бошқармасида Маъмур ака Саидқосимов билан меҳнат қиляпман. Эндиликда Суперлига, про-лига, аёллар футболи ўйинларига комиссар сифатида боряпман. 

“Ҳакамликни ташлаганимга ишона олмаяпман”

Жароҳат фақат футболчиларда бўлади дейдиганлар адашади. Буни Намозов мисолида ҳам кўриб турибсиз. Энг ачинарлиси, у ҳакамликда роса юқорига кўтарилаётган пайтда жароҳат билан фаолиятини тугатди. 

- Ҳакамлик фаолиятимни жуда эрта тугатганим ачинарли бўлди, - деб мавзуни давом эттирди. - Менда яна беш йиллик имконият бор эди. Баъзи пайтларда ҳакамликни ташлаганимга ишонмаяпман. Ҳаммаси жуда тез содир бўлгани сабабли мен учун кутилмаганда бўлди. Олий лигадаги ва жаҳон чемпионатидаги охирги ўйинларимни ўтказганимда ўша пайтда бу мен учун сўнгги ўйин бўлганини хаёлимга ҳам келтирмагандим. Кейинчалик оёғимни операция қилдирганимдан кейин ўша бошқарган ўйинларим мен учун охиргиси бўлганини тушуниб етдим. Фаолиятимни жароҳат билан тугатишимни ўйламагандим. 

“Комиссар сифатида ишлаш менга енгилроқ”

Энди ҳакам Намозов эмас, балки комиссар Намозов кўз олдимизда гавдаланяпти. Вақт ўтган сари бу ҳолатга ҳам кўникиб борилади. Футболчи ва ҳакамликдан кейин комиссарлик қилиш унга қийинчилик туғдирмаётган бўлиши табиий. Ҳар ҳолда қайсидир маънода ўз соҳасига яқин бўлган лавозимда ишлаяпти. 

- Майдонда ўйнаб юрганимда футболчилик мен учун бошқа ҳаёт эди. Ҳакамликка ўтганимдан кейин мен учун янги ҳаёт бошланди. Мана, энди ҳакамлик фаолиятимни тугатдим ва менда яна янги ҳаёт бошланди, чунки фаолиятим ўзгарди. Лекин бу ҳам мен учун қизиқарли иш. Биринчиси футболда, иккинчиси ҳакамлик, энди эса...нима бўлганда ҳам мен футболнинг ичидаман. Ҳозирги ишим эса мен учун нотаниш эмас. Тўғриси, комиссар сифатида ишлаш менга енгилроқ. Чунки ҳакамларни ва уларнинг ишини жуда яхши биламан. Ҳозирги ҳакамлар билан биргаликда илгари олий лигада ишлаганмиз. Барибир ўзаро муносабатлариз бор. Биз барчамиз бир оиламиз. Шунинг учун бу соҳада янги одам эмасмиз. Бугунги кундаги ҳакамлигимизда ўсиш бор. Янгидан-янги иқтидорли ҳакамлар ҳам етишиб чиқяпти. Мен кетсам барибир ўрнимга бошқаси чиқади. Ҳаёт тўхтаб қолмайди. Ўзбекистон ҳакамларининг салоҳияти юқори эканлигини ФИФА ва ОФКда яхши билишади. 

“Ҳозирча пляж футболи бўйича ўрнимга ҳакам йўқ, аммо топаман”

Шу ўринда бир ўйлантириладиган савол бор. Пляж футболида ўз ўрнига эга бўлган ҳакамимизнинг ўрнини энди ким эгаллайди? Бу ҳозирги кунда ўйлантирадиган савол эканлиги ҳам рост. Бу борада унинг ўзи шундай деди:

- Уч-тўрт йил олдин ОФК президенти билан гаплашганимда ўрнингга номзод топиш керак деганди. ФИФАни ҳакамлар билан боғлиқ лимити олиб ташланди. Олдин 45 ёшгача ҳакамлик қилиши мумкин эди. Шунинг учун ОФК президентига охиригача ҳакамлик қилавераман деб ҳазиллашгандим. Боя айтганимдек, барибир юрагим ҳакамликка тортяпти. Энди 100 фоиз майдонга чиқиб ҳакамлик қила олмайманми, деган савол мени қийнаяпти. Яъни, ҳакамликдан кетганимни бирданига хазм қилиш оғир бўляпти. Ўзимга қолса яна ҳакамлик қилишни хоҳлаяпман. Аммо бунга имконим йўқ. Ҳозирча пляж футболи бўйича ўрнимга ҳакам йўқ, аммо топаман.  

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ.