Акром Комилов: Премьер-лигада ўйнамоқчиман

2362

Акром Комилов: Премьер-лигада ўйнамоқчиман

SPORTS.uz интернет-ахборот портали мухбири Бахтиёр Тоштемиров жорий мавсумни ажойиб тарзда ўтказаётган ва “Бунёдкор” етакчиларидан бирига айланиб улгурган ҳимоячи Акром Комилов билан суҳбатлашди.

- "Бунёдкор" жамоасининг ёшартирилган таркиби кўрсатаётган ўйин ва эришилаётган ғалабаларнинг асосий сабаби нима? Ҳар холда мавсумлар оралиғида жамоани бир қатор етакчи футболчилар тарк этишди.

- Тўғри, таркибимиз жуда ёш. Лекин, шунга қарамай кетма-кет ғалабаларни қўлга киритаётганимизнинг асосий сабаби катта тажрибага эга бўлган мураббийимизнинг бизни ҳар бир ўйинга тўғри тайёрлай олаётганида. Қолаверса, жамоамизда муҳит аъло даражада. Биз футболчилар бир-биримизни майдонда ҳам, майдондан ташқарида ҳам жуда яхши тушунамиз. Етакчи футболчиларимизнинг жамоадан кетгани мавсум бошида бироз сезилди, лекин ҳозир ҳаммаси изига тушган.

- Янги мавсумдан эътиборан мамлакатимизда Суперлига ташкил этилиши боис ўйинлар сони ошган. Бу футболчиларга қай даражада таъсир кўрсатиши мумкин?

- Очиғи бу ҳақда умуман ўйлаганимиз йўқ. Ҳаёлимиз фақат майдонда ўз кучимизни кўрсатиб, ғалаба қозонишда. Умуман олганда эса ўйинлар сонининг ошиши бу футболчиларга ўзларини кўрсатишлари учун янада кўпроқ имконият беради.

 

- Жамоадаги собиқ тенгдошларингиз Элдор Шомуродов ва Достонбек Хамдамов сингари сизга ҳам хориж клубларидан таклифлар бўлаётгани табиий. Лекин сиз айнан қайси чемпионатда тўп суришни хоҳлаяпсиз? Умуман "Бунёдкор"дан кетишингиз ҳақиқатга қанчалик яқин?

- Ҳа, албатта. “Бунёдкор”даги энг яқин дўстларим Россия чемпионатига йўл олишди. Мен ҳам ўз омадимни Россия премьер-лигасида синаб кўришни истардим. “Қалдирғочлар” сафидан кетишим эса биринчи давра якунида ёки мавсум охирида ҳал бўлади.

 - Суперлига регламентига кўра қайси жамоалар жадвалнинг юқори олтилигидан ўрин олиб, мусобақа чемпионлиги учун кураш олиб боришалари мумкин?

- Бу борада аниқ бир нима дейишим қийин. Чунки, чемпионат эндигина бошланди ва табиийки кўплаб жамоаларда кучли олтиликдан жой олиш имконияти бор. Бу саволга эса 2-давра якунлангач жавоб оламиз.

- Эртага Наманганда “Навбаҳор”га қарши бўлиб ўтадиган муҳим баҳс олдидан фикрларингиз.

- “Навбаҳор”га қарши баҳсда мухлислар билан тўлиб-тошган стадионда ўйнашимизни таҳмин қиляпман. Ушбу ўйин ҳар иккала жамоа учун ҳам жуда муҳим. Боиси, биз жадвалдаги пешқадамлигимизни сақлаб қолиш учун ғалаба қозонишимиз шарт бўлса, наманганликлар кетма-кет мағлубиятлардан сўнг ўз мухлислари қаршисида уч очко қўлга киритишга уриниб кўришади.